Text to speech   Click to listen highlighted text! Text to speech Powered By GSpeech

АҲОЛИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА РЎЙХАТГА ОЛИНАДИ

Аҳолини рўйхатга олиш - белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни. Бу жараён республика бўйлаб ёки унинг муайян ҳудудларида 10 йилда 1 марта ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ҳукумат томонидан Президентга, қоидага кўра, режалаштирилаётган санадан 3 йил олдин киритилади.

Асосий мақсади аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.
Аҳолини рўйхатга олиш шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга ошириладиган саволлар рўйхати белгиланган дастур бўйича ўтказилади, унда қуйидаги саволлар бўлиши шарт: ФИО, туғилган санаси ва жойи, ёши, жинси, миллати, фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи), тилларни билиши, маълумоти, никоҳ ҳолати, болаларининг сони, уй хўжалиги таркиби, уй-жой шароитлари, бандлиги, яшаш учун маблағлар манбалари, миграция (ички ва ташқи). Ҳукумат томонидан дастурига қўшимча равишда бошқа саволлар киритилиши мумкин, бироқ унга киритилганмаган саволларни бериш тақиқланади. Йиғилган барча шахсий маълумотлар махфий ҳисобланади ҳамда респондентнинг розилигисиз уларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.
Қонун бўйича аҳолини рўйхатга олиш дастури лойиҳасини ва рўйхатга олиш ҳужжатларининг шаклларини, шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда бошқа тадбирларни синовдан ўтказиш мақсадида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади. Бу жараённи ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали респондентлар сўрови ўтказилади. Бунда ахборот хавфсизлиги таъминланган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мумкин.
Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади, давлат тилини билмайдиганлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилади. Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан (махсус контингентдан ташқари) респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади. Респондент саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Ўтказилган рўйхат олиш натижаларига кўра йиғма статистик ахборот шакллантирилади. Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг асосий кўрсаткичлари фойдаланиш учун очиқдир ҳамда улар ОАВда эълон қилинади ва махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давлат бюджети маблағларидан ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади.

Обуна бўлиш

Тескари алоқа

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech